Қонунчиликка кўра, электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш, яъни электр двигателларидан, электр печлари ва бошқа электр ҳамда иссиқлик ускуналаридан мунтазам равишда, ишлаб чиқариш зарурати бўлмаган ҳолда тўлиқ фойдаланмаслик ёки уларни бекорга ишлатиб қўйиш, ёритиш учун электр энергиясидан хўжасизларча фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлади. Бунинг учун мансабдор шахсларга БҲМ 5 бараваридан 15 бараваригача (1 млн 700 минг сўмдан 5 млн 100 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси
Умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш ёхуд электр, иссиқлик энергияси, табиий газни ҳисобга олиш асбобларига шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёки бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — йигирма бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида қурилган бинолар ҳамда иншоотларни электр энергияси, иссиқлик ва газ таъминоти ташкилотлари томонидан электр, иссиқлик ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан улаш, — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш бараваридан саксон беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
101-модда. Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш
⏺️ Хўш, энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги нима?
Мавжуд энергоресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш — бугунги куннинг долзарб масаласи. Бунинг учун фойдаланилмаётган электр жиҳозлари ва ёритиш ускуналарини тармоқдан узиб қўйиш, яъни офис ёки яшаш хоналаридан чиқаётганингизда электр жиҳозларини ўчириб, тармоқдан узиб орқали тежамкорлик томон дастлабки қадамни ташлаган бўласиз. Иш жойи ва уй биноси хоналарини кўпроқ табиий ёруғликдан (қуёш нуридан) фойдаланган ҳолда ёритишга ҳаракат қилиш ортидан иккинчи қадамни босасиз. Кўча-куйда, маҳаллада, дам олиш масканлари-ю бошқа жамоат жойларида фойдаланилмаётган электр жиҳоз ва қурилмаларини тармоқдан узиб қўйишни талаб қилсангиз — энергия тежамкорлиги ва самарадорлиги бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиб, учинчи қадамни ташлашга муяссар бўласиз. Зеро, доно халқимизда “Денгиз соҳилида таҳорат олган бўлсанг ҳам сувни керагидан ортиғини ишлатма”, деган ибратли нақл бор.
Энергия ресурсларидан самарали (рационал), яъни оқилона фойдаланишга қаратилган жараёнлар мажмуи — энергия самарадорлигига бериладиган бирламчи таърифдир. Биноларнинг энергия таъминоти ёки ишлаб чиқариш жараёнлари учун камроқ энергия сарфлаш эвазига керакли натижага эришиш ҳам самарадорлик кўрсаткичи ҳисобланади. Техника ва технология ривожланишининг ҳозирги даражасида ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишда иқтисодий жиҳатдан асосланган самарадорликка эришиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиш ҳам шулар жумласидан. Энергия самарадорлигига оид тушунча ва билимлар мажмуи муҳандислик, иқтисод, ҳуқуқ ва ижтимоий соҳалар чорраҳасида қарор топади ва ҳар бир жамият учун “лозим қиёфа”да шаклланади.
⏺️ Миллий урф-одатларимизда
Дунё халқлари ўз миллий тараққиёт босқичларида энергия самарадорлигига оид ўзига хос урф-одат ва тушунчаларга эга бўлганлар ва бунга иқлим шароитининг таъсири катта бўлгани табиий. Ўзбек халқидаям айнан шундай. Биргина махси-ковуш ёки дўппи-чопоннинг ихтиро этилиши, яъни кийим-кечакларнинг энергия самарадорлиги, кийишга қулайлиги ва камхаржлиги жиҳатидан шу босқич шаклига келганда турғун қолиши ҳам фикримиз далилидир. Совуқ об-ҳаволи кунларда исинишнинг энг самарали усули сифатидаги ота-боболаримиз ихтироси — сандал (танча), синчли (ёғочли) уйлар, уйнинг асосий хоналаридаги иссиқлик ташқаридаги иқлим билан тезда алмашмаслиги учун қурилган айвонлар, бинонинг том қисмида қор ва ёмғир тўпланмаслиги учун қурилган гумбазли бинолар, ёки ёз кунларида шимол томондан эсган шамолнинг кичик туйнук орқали елвизакли оқими ҳисобига ички ҳовли хоналарини совитиш борасидаги ўзига хос меъморий ечимлари шулардан иборат.
⏺️ Замонавий ҳаётимизда
Маълумки, физика қонунларигага кўра, энергия бордан йўқ, йўқдан бор бўлмайди, фақат унинг шакли (тури) ўзгаради. Бугунги кунда ҳам электр энергияси айланма механик ҳаракат эвазига магнит майдон ҳосил қилиш орқали олинади (иссиқлик электр станциялари ва гидроэлектр станцияларида) ва иқтисодиёт тилида маҳсулотнинг алоҳида тури деб аталади. Негаки, уни ғамлаш ёйинки сақлаб қўйишнинг имкони йўқ. Электр энергиясининг ҳаракат тезлиги ёруғлик тезлигига тенг бўлиб, ишлаб чиқарилган ондаёқ истеъмол қилинади. Механик энергияси эса иссиқлик энергияси ҳисобига (буғ-газ қурилмаларида) пайдо бўлади ва бу жараённи нефть-газ маҳсулотлари ёки кўмир ёқилғисиз тасавур этиш мумкинмас. Табиий бойликларимиз эса беҳисоб эмас. Қолаверса, анъанавий турда электр энергияси ишлаб чиқариш — экологик барқарорликка зид кўрсаткич. Шунинг учун мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларига оид ўнлаб йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Офис хоналарининг эшик ва дераза ромлари қишда иссиқ, ёзда совуқ ҳароратни сақлаш учун изоляция қилинган бўлиши, энергия тежамкор маиший техника ва ёритиш ускуналаридан фойдаланиш — энергия самарадорлиги учун дастлабки қадам ҳисобланади. Худди шу каби нефть-газ маҳсулотларидан ҳам тежамкорлик билан фойдаланиб, улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мумкин. Иситиш ва сoвитиш жиҳозларидан ҳам тўғри, оқилона фойдаланиш — энергия самарадорлик кўрсаткичларидан бири. Ушбу кўрсаткичлар, аввало, шаҳарсозлик лойиҳалари, бино-иншоотлар қурилишини лойиҳалаштириш, қурилиш материалларини танлаш, сифатли қуриш жараёни, бино-иншоотларнинг ички интерьерни жиҳозлаш, уни тўғри эксплуатация қилиш (бино-иншоотлардан фойдаланиш) меъёрларига амал қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Оддий сўз билан айтганда, нотўғри қурилган бино-иншоотдан тортиб нотўғри фойдаланилган оддий маиший ускуна-жиҳозларгача — иқтисодиётга катта зарар, жамият ва давлат тараққиётининг кушандаси ҳисобланади.
❗️Электр энергиясини тежаш — ундан оқилона фойдаланиш демакдир!
P/S: Электр энергия ишлаб чиқарувчи Eskom компаниясининг Жанубий Африкада энергияни тежашга чақирувчи ажойиб ижтимоий реклама баннерини ўрнатди. Унда: « Ҳамма жой ёруғ бўлиши шарт эмас, фақат керакли жойларни ёритинг!» деб ёзилган.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати