Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзэнергоинспекция” ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев маълум қилди.
Маълумки, жорий йилнинг ноябрь ойи – “Энергетика хавфсизлиги ойи” деб эълон қилинган эди. Унга кўра ноябрь ойида “Ўзэнергоинспекция” томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва электр ҳамда газ таъминоти корхоналари мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида 1 минг 614 та истеъмолчи томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний ва қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди.
Унга кўра 24,1 млн метр куб табиий газ (70,1 млрд сўм) ва 38,6 млн киловатт-соат электр энергиясидан (90,4 млрд сўм) ноқонуний фойдаланилиши натижасида давлат манфаатларига жами 160,6 млрд сўм зарар етказилганлиги маълум бўлди.
Истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича
876 та маъмурий иш расмийлаштирилди.
Хусусан, ўтказилган назорат табирларида аниқланган ҳолатларнинг
547 таси электр энергияси, 329 таси эса табиий газдан фойдаланишда қоидабузарликка йўл қўйилганлиги маълум бўлди.
Ёқилғи энергия ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш бўйича 4 583 та истеъмолчиларга профилактика тадбири ўтказилди.
Истеъмолчиларни электр энергиясидан беҳуда, яъни куннинг ёруғ даврларида ёритиш чироқларидан фойданиш каби 5 960 та ҳолати аниқланди. Шундан 1 минг 24 та ҳолатда маъмурий ҳуқуқбузарликка йўл қўйган истеъмолчининг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 6 та корхонага нисбатан молиявий санкция қўлланилди.
Ҳудудлардаги подстанциялар ва трансформатор пунктларидаги контактлар ва болтли бирикмаларида пайдо бўлаётган қизишларни аниқлаш бўйича тепловизор кўриклари амалга оширилди. Унга кўра 3 минг 53 та подстанция ва трансформатор пунктидаги электр қурилмаларнинг 2 минг 192 тасида меёридан ортиқ қизиш ҳолатлари аниқланди.
Мазкур аниқланган ҳолатларнинг 1 минг 301 таси бартараф этилди.
Энергетика хавфсизлиги ойи давомида 466 та энергия истеъмоли юқори бўлган ташкилот ва корхоналарда ташкилий техник тадбирларни ташкил этилди ҳамда 248 та истеъмолчиларга суюлтирилган газни етказиб бериш ҳолатларни ўрганилди.
Инспекциянинг назорат-кимё лабораториялари томонидан нефть маҳсулотлари бўйича олиб борилган сифат назорати тадбирлари давомида
АЁҚШ ва корхоналардан олинган таҳлил наъмуналаридан 12 та ҳолатда 47,1 минг литр нефть маҳсулоти сифатсизлиги аниқланиб, сотувга чиқарилиши олди олинди.
Инспекция томонидан истеъмолчиларга Давлат хизматларини кўрсатиш бўйича умумий қуввати 245 МВт бўлган жами 757 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари экспертизадан ўтказилди. Унга кўра, 497 та истеъмолчининг электр қурилмалари электр тармоқларига уланишига рухсат берилди.
Шунингдек, энергетика объектларига тегишли 129 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари келишилиб, шундан 35 та объектнинг электр қурилмаси ишга тайёрлиги бўйича хулосалар берилди.
Энергоаудиторлар томонидан ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини энергетика текширувидан ўтказиш бўйича ишлаб чиқилган 31 та дастур кўриб чиқилиб, шундан 12 тасининг камчиликлари кўрсатилган ҳолда қайтарилди. Шунингдек, корхоналарда энергоаудит текшируви ўтказилишини жадаллаштириш юзасидан 48 та корхонага кўрсатмалар берилди.
Энергия ресурсларидан айрим “тадбиркор”ларнинг ноқонуний фойдаланишлари тармоқларда ортиқча юкланишларга ҳамда энергия ресурслар таъминоти барқарорлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Ҳурматли тадбиркорлик субъектлари, электр ва газ тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларига ташқаридан аралашиш йўли билан қонунга зид равишда фойдаланиш ҳолатлари учун қонунчиликда белгиланган қатъий чоралар кўрилишини унутманг!
Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/48287
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati