Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 23 ноябрдаги ПФ–199-сон «Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонига мувофиқ амалиётлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Наманган вилояти ҳокимияти томонидан ўтказилган «Яшил боғ» акциясида «Наманган магистрал электр тармоқлари» филиали ходимлари ҳам фаол иштирок этишди.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасинининг навбатдаги тадбири Наманган вилоятининг Поп тумани ҳудуди, 220 кВ кучланишли «Оби ҳаёт» подстанциясига элтувчи йўлда барпо этилгани билан аҳамиятли. Яратилаётган «Яшил боғ» магистрал йўл ёқасида бўлиб, ҳудудда ўзига хос игнабаргли дарахтлар ландшафтини барпо этади.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилаш, трансчегаравий гармсел шамоллари ва чанг-қум бўронларининг атроф-муҳитга зарарли таъсирларининг олдини олиш мақсадида, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида «Яшил белбоғ» тадбири ўтказилиб, Бўка тумани, «Дўстлик» МФЙ ҳудудидаги 5 гектар ер майдонига 20 минг дона терак кўчати ўтқазилган эди.
Бундан ташқари, Тошкент вилояти, Паркент тумани, Самсарак қишлоғи ҳудудига туташ қир-адирлик майдонига 1500 туп япон сафораси ва 2000 туп каталпа манзарали дарахт кўчати ўтқазилаётгани маълум қилинган эди.
‖ Facebook ‖ Инстаграм ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати