2022 йил 24 март санасида Вазирлар Маҳкамасининг “Энергетика вазирлиги ҳузурида “Миллий диспетчерлик маркази” давлат унитар корхонасини ташкил этиш тўғрисида”ги 126-сон қарори қабул қилинди.
Давлат унитар корхонасини — Марказ “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятларининг миллий, регионал ва ҳудудий диспетчерлик функцияларини бажаради.
Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
· ягона электр энергетика тизимини оператив бошқариш ва унинг ишончли ишлашини таъминлаш;
· ягона электр энергетика тизими таркибига кирувчи корхоналарнинг диспетчерлик бошқарувини амалга ошириш;
· электр энергиясига бўлган талаб ва таклифдан келиб чиқиб, уни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг ҳар соатлик режимини шакллантириш;
· ягона электр энергетика тизимининг техник ва иқтисодий жиҳатдан энг мақбул режимларда ишлашини таъминлаш;
· ягона электр энергетика тизимининг қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан параллел равишда ишлаш режимларини бошқариш.
Қуйидагилар Миллий диспетчерлик маркази фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:
· электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва тақсимловчи ташкилотларга шартнома асосида диспетчерлик хизматини кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
· халқаро молия ташкилотлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари;
· ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Манба: https://www.norma.uz/oz/qonunchilikda_yangi/milliy_dispetcherlik_markazi_duk_tashkil_etiladi
Батафсил: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/10056
Эслатиб ўтамиз: мазкур ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2022 йил 27 март санасидан кучга кирган ҳисобланади.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати