Аввал хабар берганимиздек, энергетиклар, жумладан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг барча филиалларидаги ишчи-ходимлари ҳам 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрамини кенг нишонлашмоқда.
Мисол учун, Жамият таркибидаги «Energo-IT» филиали ишчи-ходимлари филиалда меҳнат қилаётган хотин-қизларни Баҳор айёми билан самимий муборакбод этишди. Филиал жойлашган бино махсус безатилиб, муҳтарама аёлларимизга байрам совғалари улашилди.
Эътироф этилганидек, мамлакатимиз хотин-қизларининг жамиятдаги ва оиладаги ўрни, ижтимоий ҳаётдаги роли ғоят муҳим аҳамият касб этиши билан бирга уларнинг мавқеи ҳам ҳар жиҳатдан юқори баҳоланиши рост. Жаҳон ҳамжамияти, нуфузли халқаро ташкилотлар эътирофига кўра, Ўзбекистон аёллар учун муносиб муҳит яратган мамлакатлар қаторига киритилмоқда. Бир сўз билан айтганда, юртимизда азал-азалдан муҳтарама аёлларга юксак эҳтиром кўрсатиб келинади.
Шу ўринда энергетика соҳасида меҳнат қилаётган аёлларнинг жамиятдаги ўрнини алоҳида эътироф этиш зарур. Тўғри, уларнинг аксарияти соҳада меҳнат қилаётган маъмурий, тиббий, хўжалик ходимлари, аммо соҳа вакиллари орасида муҳандис ва электр монтёрлари ҳам анчагина.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти таркибидаги «Energo-IT» филиали маъмурияти, ишчи-ходимлари барча онахонларни, хотин-қизларни, соҳа вакилаларини 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами билан қутлайди.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати