Янгиликлар
2024 йилда инвестиция дастурлари доирасида 6 та подстанцияда жами 1367 Мегавольт-ампер қўшимча қувват яратилди
  • 28.12.2024
  • 37

 

АОКАда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ Электр тармоқларидан фойдаланиш бош бошқармаси муҳандиси Маҳфуза Сувонова иштирокида ўтказилган брифингда аҳолини электр энергияси билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди:

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти филиаллари томонидан 12 500 километр узунликдаги 110-220-500 киловольтли электр узатиш тармоқлари ва 30 000 Мегавольт-ампер дан ортиқ қувватга эга 90 та подстанция эксплуатация қилинади.

Бугунги кунда республика истеъмолчиларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш борасида “Ўзбекистон МЭТ” АЖ ҳамда тасарруфидаги барча филиаллар томонидан 24 соатлик иш режимида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумида электр қурилмаларини барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда Республика истеъмолчиларига узлуксиз электр энергияси етказиб бериш мақсадида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан белгилаб олинган чора-тадбирлар жорий йил 1 ноябрга қадар тўлиқ якунланди.  

Жумладан, 309 та трансформатор, 1741 та электр қурилма, 6400 километрдан зиёд узунликдаги 110-500 киловольтли электр узатиш ҳаво тармоқлари таъмирланди ҳамда 12 минг кмдан зиёд узунликдаги магистрал электр тармоқлари техник кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.

Шу билан бирга, республикамиз ҳудудларида янги барпо этилаётган ишлаб чиқариш корхоналари ва аҳолини электр энергиясига бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида Жамият томонидан 2024 йилда инвестиция дастурлари доирасида бир қатор ишларни амалга оширилиши натижасида

6 та подстанцияда жами 1367 Мегавольт-ампер қўшимча қувват яратилди ва 750,7 километр узунликдаги 220-500 киловольтли электр узатиш ҳаво тармоқлари қурилди.

Тоғли ва қир-адирли ҳудудларда жойлашган бориш қийин бўлган таянчларга йўлаклар барпо этилиб, дарё ўзанларида ва тоғ ёнбағирларида жойлашган таянчларни сел-тошқин таъсирига тушишини олдини олиш чоралари кўрилди.

Доимий равишда электр узатиш ҳаво тармоқлари ва подстанция электр қурилмаларининг контакт бирикмалари тепловизор қурилмалари ёрдамида кўрикдан ўтказилди ва 20 тадан ортиқ аниқланган қизишлар бартараф қилиниб, фавқулодда ҳолатлар олди олинди.

Юқори кучланишли магистрал электр узатиш тармоқларида олиб бориладиган кўрик ишларининг самарадорлигини ошириш, яъни бориш қийин бўлган ҳудудлар, муҳофаза зонасидаги янги қурилишлар, дарахтзорларни аниқлаш ҳамда авариявий ҳолатлар содир бўлганда электр тармоғининг шикастланган жойини қисқа муддатларда топиш мақсадида ўчувчисиз ўчиш аппаратидан (дрон) фойдаланиш жорий этилган бўлиб, кўрикдан ўтказиш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳри ва вилоятини электр энергияси билан таъминловчи 10 тадан ортиқ ҳаво тармоқларининг 100 километрдан ортиқ қисми ва 340 тадан зиёд таянчи ҳамда 500 ва 220 киловольтли подстанциялар қурилмалари дрон ёрдамида кўрикда ўтказилди, аниқланган нуқсонли изоляторлар 160 дона янгисига алмаштирилди.

Шу билан бирга, подстанциялар ва Электр узатиш ҳаво тармоқларининг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида 180 тонна трансформатор мойи, 1000 килограмм техник пластина, 27 дона металл таянч, 39 дона темир-бетон таянч, 9180 та изолятор, 20 та турли қувватдаги трансформатор, 40 тонна турли русумли симлар, иккиламчи занжир учун 10 км кабель маҳсулотлари захираси яратилди.

Бундан ташқари, авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш мақсадида 629 нафар ходимдан иборат бўлган 65 та навбатчи гуруҳлар бригадаси ташкил этилган бўлиб, улар 139 та махсус автотранспорт воситаси, зарурий эҳтиёт қисмлар, шунингдек, алоқа ҳамда ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланиб, шай ҳолатга келтирилган.

 

Манба: https://telegra.ph/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>