Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев ҳурматли Президентимиз топшириғи билан Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан республикамизда амалга оширилаётган “Шамол электр станциясини ташкил этиш” лойиҳасининг Қораўзак тумани “Қойбақ” ОФЙ ҳудудида барпо этилаётган “Нукус-1” лойиҳаси қурилишида бўлди. Унда республикамиз меҳнат илғорлари, сиёсий-ижтимоий фаоллари, нуронийлар иштирок этди. Умумий қиймати 107 миллион доллар, қуввати 100 Мегаватт бўлган лойиҳа доирасида ҳар бирининг қуввати 6,5 Мегаватт бўлган 16 та шамол турбинаси генераторлари барпо этилади. Бугунги кунда 3 та турбина тўлиқ қуриб битказилган, шунингдек, 1 та турбина қурилиши яқин кунларда якунланади. Асосийси, лойиҳани амалга оширишда 150 дан ортиқ маҳаллий фуқаролар бандлиги таъминланган. “Нукус-1” лойиҳаси тўлиқ ишга тушиши натижасида ҳар йили 350 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилишига имконият яратилади, ўртача 100 миллион куб табиий газ сарфи тежалади, ҳавога 180 минг тонна карбонат ангидрид гази чиқиндилари тарқалиши камаяди.
Бундан ташқари, Қораўзак тумани “Қойбақ” ОФЙ ҳудудида умумий қиймати 220 миллион долларлик яна бир “Нукус-2” лойиҳаси ҳам амалга оширилиб, 26 та шамол турбинаси генераторлари қурилади. Лойиҳанинг қурилиш ишларида 200 дан ортиқ маҳаллий фуқаронинг бандлиги таъминланиши режалаштирилган ва ишга туширилгандан сўнг ҳар йили 794 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилишига имконият яратилади. Бундан ташқари, “ACWA Power” компаниясининг Қўнғирот туманида умумий қуввати 2000 мегаваттли шамол электр станциясини қуриш бўйича яна 4 та лойиҳаси амалга оширилиши ҳам белгиланган. Жўқорғи Кенгес Раиси қурилиш майдонида амалга оширилаётган ишлар, қурувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди ва ушбу мега лойиҳалар ишга туширилиши ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори натижаси эканини таъкидлади. Ўз навбатида, нуронийларимиз, илгари бўлмаган бу янги лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилишида қўл-қанот бўлаётган давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорлик билдирдилар.
Манба: https://joqargikenes.uz/oz/24320.html
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати