Янгиликлар
Ўзбекистонда соатлик ва кунлик электр энергияси истеъмоли рекорди янгиланди
  • 18.06.2023
  • 203

Аномал иссиқ фонида Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли 2022 йилнинг ёз ойидаги рекорд кўрсаткичларни янгилади.

Хусусан, 2023 йил 16 июнда Республика бўйича электр энергияси истеъмоли 242,6 млн кВтч ни ташкил этди. 2022 йилнинг худди шу кунида жами 208 млн кВтч ни электр энергияси ишлатилган бўлиб, кечаги кўрсаткич аввалги йилдагидан 16,6 фоиз ортиқ бўлди.

Шу билан бирга, энергетика тизимининг соатлик истеъмоли 11 301 МВтни ташкил қилди. Бу 2022 йилнинг шу кундаги ҳолатига нисбатан 1 800 МВт (+18,9 фоиз) ва 2022 йилнинг ёзида қайд этилган мутлақ максимал кўрсаткичдан 500 МВт кўпдир.

Маълумот учун, 2022 йилда максимал электр энергияси истеъмоли 27 июлда қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич 239 млн кВтч ни, кундузги истеъмол қуввати 10 800 МВтни ташкил қилган.

Энергетика тизимидаги электр станциялари томонидан кунлик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 233,7 млн кВтч ни ташкил этди. Бу 2022 йилнинг шу кунги ҳолатига нисбатан 36,6 млн кВтч (18,6 фоиз) кўпдир.

Манба: https://t.me/minenergy_uz/8203

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>