Бугун Қорақалпоғистоннинг 3 та туманида электр энергиясида узилишлар кузатилиши мумкинлиги ҳақида kun.uz ахборот сайтининг “Қорақалпоғистон | Kun.uz” телеграм каналида хабар эълон қилинган эди.
https://t.me/kunuzqoraqalpogiston/3714
Дарҳақиқат, жорий йилнинг 30 июнь–3 июль кунлари давомида Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида жойлашган 220/110/10 кВ «Беруний» подстанциясида модернизация лойиҳаси доирасида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилиши “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖга белгиланган тартибда маълум қилинган.
Айни кунларда «Беруний» подстанциясида АТ-1 автотрансформаторининг 220 кВ томонида янги ячейка қурилди ҳамда замонавий элегазли ўчиргич ўрнатилди. Жорий ишларни бажариш учун юқорида таъкидланганидек, Миллий диспетчерлик маркази ҳамда турдош ташкилотлар билан келишилган ҳолда АТ-1 ва АТ-2 автотрансформаторларини ўчириш учун талабномалар берилган.
Бундан ташқари, 30 июнь куни АТ-2 автотрансформатори авариявий ўчиб, электр таъминотида қисқа муддатли узилиш содир бўлди. Электр таъминоти 17 дақиқада тикланди ва барча 110 кВ кучланишли ҳаво тармоқларига кучланиш берилди (бу пайтда АТ-1 автотрансформатори таъмирда эди).
Содир бўлган техник-муҳандислик ҳолати фавқулодда содир бўлгани (ва тез муддатда тиклангани) учун ОАВ орқали истеъмолчиларга маълум қилинмади, бироқ тегишли тартибда тизим диспетчерларига маълум этилди. Айни пайтда подстанция барқарор фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирги пайтда АТ-2 автотрансформаторининг аварияли ўчиш сабаблари аниқланмоқда, шу билан бирга, подстанция ва электр тармоқларида фавқулодда ўчишларнинг олдини олиш ишлари амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз: амалга оширилаётган модернизация-реконструкция ишлари электр таъминоти тизмининг ишончлилиги оширишга ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўришга хизмат қилади.
✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
Телеграм каналига аъзо бўлиш учун t.me/uzmetaxborotxizmati